Ереван кўчаларида Россия босқинини қўллаб-қувватловчи варақалар пайдо бўлди

Ереван кўчаларидаги дарахт ва устунларга ёпиштириб кетилган варақалар, 2022 йил 21 августи

Арманистон пойтахтида Z белгиси акс этган ва постсовет ўлкаларидаги қатор ҳудудлар аннексиясини дастаклаган варақалар пайдо бўлди, дея маълум қилишди ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари.

Арман тилида ёзилган варақаларда «Қрим – бу Россия. Донецк – бу Россия. Луганск – бу Россия. Мариуполь – бу Россия. Запорожье – бу Россия. Херсон – бу Россия. Тирасполь – бу Россия. Цхинвал – бу Россия. Шимолий Қозоғистон – келажакда Россия бўлади. Арцах (Тоғли Қорабоғ – таҳр.) ҳам Россия бўлсин" каби шиорнамо жумлалар ёзилган.

Еревандаги варақалар Украинанинг шу кунда Россия армияси назорати остида бўлиб турган ҳудудларини аннексия қилиш бўйича референдум ўтказилиши ҳақида маълумотлар тарқалаётган бир пайтда пайдо бўлди.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилар варақаларнинг матбаа сифати ҳамда дизайни яхшилигига, улар Путин етакчилигидаги “Единая Россия” партияси услубида тайёрланганига эътибор қаратишган.

Бундан ташқари, варақаларда Арманистоннинг собиқ президенти ва собиқ бош вазири Роберт Кочарянга алоқадор “Айастан” парламент блоки логотипи акс этган. “Айастан” мазкур варақаларга дахли борлигини рад этган ҳамда содир бўлган воқеада бош вазир Никола Пашинян тарафдорларини айблашган.