Европа Кенгаши Москвани “Мемориал” ташкилотини тугатишни тўхтатишга чақирди

Европа Кенгашининг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси раиси Дуня Миятович

Европа Кенгаши Россия расмийларини “Мемориал”ни тугатиш фаолиятини тўхтатишга ва биринчи навбатда “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонунни бекор қилишга чақирмоқда. Бу ҳақда Европа Кенгашининг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси раиси Дуня Миятович баёнотида сўз борган.

Россия расмийларининг “Халқаро Мемориал” ноҳукумат ташкилоти ва “Мемориал” ҳуқуқбонлик марказини тугатишга қаратилган хатти-ҳаракатлари Европа Кенгашини қаттиқ ташвишга солмоқда. “Мемориал” – “постсовет ҳудуд ва унинг хорижида эрк, демократия ва инсон ҳақлари учун тинимсиз кураш рамзидир”. Ташкилотнинг йўқ қилиниши Россияда фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун анчагина салбий оқибатларга олиб келади, дея урғулаган Миятович.

У Россиядаги “хорижий агентлар”га оид қонун халқаро европача мезонларга уйғун эмаслиги учун Европа Кенгаши томонидан бир неча бор танқид қилинганига эътибор қаратди. Мазкур қонуннинг ҳуқуқбонлик ташкилотини тугатишда қўлланиши, Миятовичга кўра, фуқаролик жамиятига қарши репрессиянинг яна бир намунасидир.

Европа Кенгаши вакили фикрича, “Мемориал” сиёсий маҳкумларни дастаклагани учун экстремизм ва терроризмни оқлашда айбланаётгани айниқса чуқур хавотир уйғотмоқда.

Ўтган ҳафтада Россия Бош прокуратураси “Халқаро Мемориал” ҳуқуқбонлик ташкилотини тугатиш талаби билан Олий судга, Москва прокуратураси эса “Мемориал” инсон ҳақлари марказини тугатиш ҳақидаги даъво аризаси билан шаҳар судига мурожаат қилган. Ташкилот “хорижий агентлар”га доир қонунчиликни бузганликда айбланмоқда.

“Мемориал” вакиллари ташкилотни йўқ қилиш ҳаракатлари сиёсий қарор эканини таъкидлашмоқда.