Европа суди МН17 рейси ҳалокатига доир иш бўйича Россияга қарши шикоятларни кўришга киришди

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди 26 январь куни 2014 йилда рўй берган “Боинг” учоғи ҳалокатига доир иш бўйича Ҳолландия ва Украинанинг Россияга қарши даъвосини кўришни бошлади.

Ҳолландия вакили Лизбет ван Ҳейст ҳалокат чоғида рейс йўловчилари Россия юрисдикцияси остида бўлишганини, чунки мамлакат “Донецк халқ республикаси” устидан “самарали назорат ўрнатган”и, учоқ эса айни шу ҳудудга қулаганини айтган.

“Самарали назорат” концепциясига мувофиқ, муайян мамлакат бошқа мамлакат ҳудудида рўй бераётган воқеаларни назорат қилаётган бўлса, бунинг учун жавобгарликни зиммасига олиши керак.

Россиянинг Европа судидаги вакили Михаил Виноградов Россия Донбассдаги вазиятга таъсир этмагани ва таъсир этмаслигини иддао қилган. Виноградовнинг “Боинг” йўловчилари ўлимига Россиянинг дахли йўқлигига оид бу ва бошқа баёнотлари суд мажлиси иштирокчилари, жумладан марҳумларнинг қариндошларида норозилик уйғотган.

Амстердамдан Куала-Лумпур шаҳрига йўл олган MH17 йўловчи рейси 2014 йил 17 июль куни Украина шарқида уриб туширилган эди. Бортдаги 298 кишининг барчаси (уларнинг аксарияти Ҳолландия фуқаролари бўлишган) ҳалок бўлган.

Халқаро тергов гуруҳи учоқ Россия армиясига тегишли “Бук” ракета мажмуаси ёрдамида уриб туширилган, деган хулосага келган. Снаряд, тергов фикрича, Донбассда жанг қилаётган айирмачилар назоратидаги ҳудуддан йўлланган.

“Боинг” ҳалокатига доир иш бўйича суд муҳокамаси Ҳолландияда 2020 йилнинг март ойидан бери давом этмоқда. Иш юзасидан уч кишига – “ДХР”нинг собиқ мудофаа вазири ва Россия ФХХ ходими Игорь Гиркин, Россия фуқаролари Сергей Дубинский ва Олег Пулатов ҳамда украиналик Леонид Харченколарга нисбатан айблов эълон қилинган.

Россия лайнер ҳалокатига алоқадорлигини рад этиб, айбланувчиларни экстрадиция қилишдан бош тортиб келмоқда.