Европа суди зўравонликдан арз қилган 17 нафар россияликка 500 минг евро товон пули тайинлади

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди биноси, Страсбург (Франция)

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди (ИҲЕС) ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг зўравонлиги ва самарасиз терговга доир даъво ишлари бўйича 17 нафар россияликка 500 минг евродан ортиқ товон пули белгилади. Бу ҳақда, суд сайтида эълон қилинган қарорларга таянган ҳолда, “Медиазона” нашри хабар қилган.

Ҳар бир даъвогар маънавий зарарни қоплаш учун 11 мингдан 45 минг еврогача товон пули олади. Суд қарорига кўра, Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари қийноқлар тақиқлангани, шахсий дахлсизлик ҳуқуқи, адолатли суд муҳокамаси ва шахсий ҳаёт ҳуқуқига доир моддаларни бузган.

Даъвогарлардан бири, Мурманск вилоятида яшовчи Дружков фамилияли кишини гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланишда гумон қилиб, 2013 йил 14 январь куни Кола шаҳрида ҳибсга олганлар. Дружковнинг айтишича, полициячилар унинг қўлларига кишан солишган ва калтаклашган, жумладан, болға билан энсасига уришган. Ундан гиёҳванд моддаларни топшириш талаб қилинган. Дружковнинг жароҳатлари қайд қилинган, у полициянинг хатти-ҳаракатларидан прокуратурага арз қилган. Аммо Дружковга унинг аризаси бўйича жиноят иши қўзғатиш рад қилинган.

Томскда истиқомат қилувчи яна бир даъвогар 2007 йилда жамоат жойида маст ҳолда юргани учун қўлга олинган. У қаршилик кўрсатган, ИИВ ходими уни урган. Россия судлари милиционер томонидан қонунбузарлик содир этилганини тасдиқламаган. Европа суди далилларни ўрганиб чиқиб, уни жабрланувчи деб топган ва даъвогарга 26 минг евро товон тўланиши ҳақида қарор чиқарган.