ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси Қозоғистондаги парламент сайловини кузатади

ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси раҳбари Оуэн Мёрфи (архив сурати)

Қозоғистонда муддатидан аввал ўтказиладиган парламент сайловини кузатиш учун келган ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси миссияси 8 февраль куни ўз ишини бошлади. Парламент сайлови жорий йилнинг 19 мартига белгиланган.

Миссиянинг асосий таркиби қароргоҳи Остона шаҳрида бўлган 11 нафар халқаро экспертдан иборат, яна 32 нафар узоқ муддатли кузатувчи эса мамлакатнинг турли вилоятларида 17 февралдан иш бошлашади. Бундан ташқари, бюро Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлардан 300 нафар қисқа муддатли кузатувчини таклиф қилишни режалаган.

“Миссия сайловнинг ЕХҲТ ва бошқа халқаро мажбуриятлар ва демократик сайлов стандартларига ҳамда миллий қонунчиликка нақадар мувофиқ ўтказилганига баҳо беради”, деган миссия раҳбари Оуэн Мёрфи (Eoghan Murphy) чоршанба куни Остонада ўтказилган матбуот анжумани чоғида.

Мёрфи кузатувчилар сайлов участкалари очилишида, овоз бериш жараёнида, бюллетенларни ҳисоблаш ҳамда натижаларни чиқариш пайтида иштирок этишларини қайд этган. Сайлов куни ДИИҲБ миссияси ЕХҲТ Парламент ассамблеяси делегацияси билан биргаликда ишлайди.

Овоз бериш кунининг эртасига миссия дастлабки хулосаларига оид баёнотини тақдим этади. Сайлов жараёнини баҳолаш ва тавсиялар акс этган якуний ҳисобот эса сайловдан “бир неча ой” ўтганидан кейин чоп қилинади.

Миссия иштирокчиларининг давлат идоралари ва сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти, оммавий ахборот воситалари ва халқаро ҳамжамият вакиллари билан учрашувлар ўтказиши кутилмоқда.

Миссияга раҳбарлик қилаётган ирландиялик 40 ёшли сиёсатчи Оуэн Мёрфи 2021 йили Ўзбекистонда ўтказилган президент сайловида ҳам ЕХҲТ ДИИҲБ кузатувчилари миссиясига етакчилик қилган эди.