ЕХҲТнинг амалдаги раисаси Анн Линде Марказий Осиё сафари доирасида Ўзбекистонга келди

ЕХҲТнинг амалдаги раисаси Анн Линде, Бишкек, 2021 йил 13 апрели

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раисаси, Швеция ташқи ишлар вазири Анн Кристин Линде 13 апрель куни икки кунлик ташриф билан Ўзбекистонга келган.

“Дунё” ахборот агентлиги хабарига кўра, Линде хонимнинг ташрифи дастурида Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ва Ташқи ишлар вазирлигида икки томонлама музокаралар ўтказиш кўзда тутилган. Мазкур учрашувларда ЕХҲТ доирасидаги ўзаро ҳамкорликнинг долзарб масалалари ҳамда Ўзбекистон-Швеция алоқаларини ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиниши кутиляпти.

Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов Тошкентга сафари доирасида Анн Линденинг Шавкат Мирзиёев қабулида бўлиши ҳам режаланганини билдирган.

Ўзбекистонга ташрифи олдидан ЕХҲТнинг амалдаги раисаси Қозоғистон ва Қирғизистонда бўлган. Тошкент сафаридан сўнг мулозиманинг Тожикистонга йўл олиши кутилмоқда. Маълумотларга кўра, Анн Линде 16 апрель куни видеоалоқа воситасида Туркманистон ташқи ишлар вазири билан музокара ўтказиши ҳам режаланган.