Йигирмадан зиёд давлат Протасевич ва беларуслик бошқа журналистларни озод этишни талаб қилди

Оммавий ахборот воситалари эркинлиги бўйича глобал коалицияга аъзо 20 дан ортиқ давлат 29 май куни қўшма баёнот эълон қилиб, Беларусда ўз хизмат вазифасини бажаргани учун ҳибсга олинган Роман Протасевич ва бошқа журналистларни “дарҳол ва сўзсиз” озод этишни, уларнинг таъқиб қилинишида айбдор шахсларни жазолашни талаб қилди.

АҚШ Давлат департаменти сайтида эълон қилинган баёнотда бортида Роман Протасевич бўлган Ryanair авиаширкати (Ирландия) учоғининг Беларусга мажбурий қўндирилиши қораланган. Беларуслик журналист ушбу фавқулодда қўндириш ортидан қўлга олинганди.

Баёнот муаллифлари Беларусь ҳукуматининг “мисли кўрилмаган ва уятли ҳаракатлари”ни матбуот эркинлигига ошкора ҳужум, деб атаганлар. Улар мамлакатдаги энг йирик мустақил янгиликлар сайти бўлмиш Tut.by таҳририяти яқинда тинтув қилиниб, бир неча ходими ҳибсга олингани ва бошқа журналистларнинг таъқиб қилиниши ҳолатларини ҳам эслатганлар.

Умуман, коалиция маълумотига кўра, Беларусда 400 нафарга яқин журналист ўтган йил 9 августидаги президент сайлови, ундан кейинги оммавий намойишлар ва норозиликнинг ҳукумат тарафидан бостирилиши чоғида қатағоннинг турли шаклларига тўқнаш келишган, дея хабар қилган “Америка овози”.

Оммавий ахборот воситалари эркинлиги бўйича глобал коалиция 2019 йил августида Буюк Британия ва Канада ташқи ишлар вазирлари ташаббуси билан таъсис қилинган. Коалиция таркибига 20 дан ортиқ мамлакат, жумладан Австрия, Канада, Чехия, Германия, Швейцария, Украина, Буюк Британия ва АҚШ киради.

Александр Лукашенко режимига мухолиф блогер, NEXTA телеграм-канали собиқ муҳаррири Роман Протасевич 23 май куни Афинадан Вильнюсга учиб кетаётганида у ўтирган учоқнинг Беларусь ҳукумати томонидан мажбуран Минскка қўндирилиши ортидан ҳибсга олинганди.

Расмий Минск ўз хатти-ҳаракатларини учоқ бортида бомба бўлгани билан оқламоқда, бироқ Ғарб мамлакатлари бу воқеани Протасевични қўлга олиш учун уюштирилган махсус амалиёт, деб баҳолаяпти. АҚШ ва ЕИ Беларусга қарши янги санкциялар ишлаб чиқмоқда, аксари Европа мамлакатлари Беларусь авиаширкатларига ўз ҳаво ҳудудида учишни тақиқлаган.