Ўзбекистон жаҳонда уран қазиб чиқариш бўйича 5-ўринни сақлаб қолмоқда

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон 2021 йилда ҳам 2019 ва 2020 йилда бўлгани каби 3500 тонна уран қазиб олди. Бутунжаҳон ядро ассоциацияси – WNAнинг билдиришича, бу билан Ўзбекистон уран қазиб олиш бўйича жаҳонда 5-ўринни сақлаб қолмоқда.

WNA жадвалидан маълум бўлишича, Ўзбекистон 2012 -2015 йилларда 2400 тонна ва ундан озроқ уран қазиб олган. 2016 йилдан бошлаб уран қазиш деярли 1000 тоннага кўпайган ва 2019 йилга келиб 3500 тоннани ташкил қилган.

Ўзбекистоннинг ўзида уран қайта ишланмайди, шунинг учун у тўлиғича экспорт қилинади. Ўзбекистонда 132 минг тонна уран захираси мавжуд бўлиб, бу дунё захирасининг 2 фоизини ташкил қилади. Уран захираси бўйича Ўзбекистон жаҳонда 11-ўринда туради.

Президент Шавкат Мирзиёев шу йил 19 май куни геология соҳасини янада ривожлантиришга оид лойиҳалар тақдимотида Ўзбекистонда 2022-2026 йилларда 8 та янги уран кони очилиши режалаштирилаётганини билдирган эди.

Уран қазиш бўйича 2021 йилда 1-ўринни Қозоғистон (21 минг 819 тонна), 2-ўринни Австралия (4 минг 192 тонна), 3- ўринни Намибия (5 минг 753 тонна) ва 4-ўринни Канада (4 минг 693 тонна) эгаллаган.