Ўзбекистонда 2024 йил мобайнида транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказишига олиб келиши билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича 40 минг 119 нафар шахсга нисбатан 39 минг 270 та иш кўриб чиқилган.
Олий суд матбуот хизматининг маълум қилишича, шундан 26 минг 63 нафар шахсга нисбатан жарима ва транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш каби маъмурий жазолар қўлланган.
Жамоат фаоллари мамлакатда ЙТҲлар ва улар оқибатида ўлим ҳолатлари кўпайиб бораётгани ҳақида бонг урмоқда.
Жумладан, 2024 йилда рўй берган 9364 та ЙТҲ оқибатида 2203 киши ҳалок бўлган, 8901 киши жароҳатланган.
Таҳлилларга қараганда, пиёдаларни уриб кетиш ҳолатлари кўпайган.
Йўллардаги бевақт ўлимлар сабаб соҳа масъулларининг истеъфоси ҳам талаб этилгани маълум.