ЮНЕСКО пандемия важидан Шаҳрисабзни яна бир йилга Жаҳон маданий мероси рўйхатида қолдирди

Шаҳрисабздаги Кўк Гумбаз масжиди

ЮНЕСКО Жаҳон мероси қўмитаси шу йилнинг 16-31 июль кунлари Хитойнинг Фучжоу шаҳрида бўлиб ўтган 44-сессияда Шаҳрисабзни Жаҳон маданий мероси рўйхатида яна бир йилга қолдириш ҳақида қарор қабул қилди.

Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, ўзбек делегацияси мазкур сессияда онлайн тарзда иштирок этган.

“Делегация томонидан бутунжаҳон маданий мероси объектлари ҳисобланган “Шаҳрисабзнинг тарихий маркази”, “Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси”, “Бухоронинг тарихий маркази” ва Хивадаги “Ичан-қалъа”, шунингдек Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон иштирокидаги кўпмиллатли табиий мерос объекти бўлмиш “Ғарбий Тянь-Шань” бўйича Ўзбекистон учун ижобий қарорлар қабул қилиниши таъминланди”, дейилган вазирлик хабарномасида.

Қайд этилишича, ЮНЕСКО 2020 йили ҳукм сурган қатъий карантин чекловлари шароитида Ўзбекистон томонидан барча вазифаларни амалга ошириш учун кўпроқ вақт талаб этилиши инобатга олинган ҳолда, сессия якунига кўра, “Шаҳрисабз тарихий маркази” объектини тиклаш бўйича вазифалар ижроси муддатини яна бир йилга узайтирган.

Қарорларда Ўзбекистон Республикасига шаҳарлар бош режаси ва обектлар бошқаруви комплекс режаларини тайёрлаш ҳамда ваколатли ташкилотларнинг тавсияларига амал қилишга доир алоҳида чорловлар киритилган.

Жаҳон мероси қўмитаси 2016 йили Истанбулда ўтган 40-сессияда Шаҳрисабз шаҳрини йўқолиш таҳдиди остида қолган тарихий шаҳарлар рўйхатига киритган. Бунга ўша пайтда бош вазир бўлган Шавкат Мирзиёев қарори билан Шаҳрисабзда бошланган қурилиш ва таъмирлаш ишлари ЮНЕСКО билан келишилмаган ҳолда амалга оширилгани важ ўлароқ кўрсатилган. Қўмита шаҳар марказида сайëҳлар учун инфратузилма барпо этиш иддаоси билан қилинаётган ишларни номақбул, деб топганди.

Кейинчалик қўмита “Шаҳрисабз тарихий маркази” объектини тиклаш учун ўзбек расмийларига бир неча марта муҳлат берган эди.