Украина президенти Владимир Зеленский 12 декабрь куни Қўшма Штатларга сафар қилади. АҚШ президенти Жо Байден, Оқ уй матбуот хизматининг маълум қилишича, «Украинанинг ошиғич эҳтиёжлари ва ҳозирги критик замонда Қўшма Штатлар томонидан қўллов давом эттирилишининг ўта муҳимлиги»ни муҳокама қилиш учун Зеленскийни Оқ уйга таклиф қилган. Зеленскийнинг АҚШга сафар қилишини Украина президенти офиси ҳам тасдиқлаган.
Байден маъмурияти таъкидича, ташриф «Россиянинг шафқатсиз бостириб киришига» қарши курашда АҚШнинг Украина халқини дастаклашга оғишмай содиқ қолишини урғулаш учун уюштирилмоқда.
Зеленскийнинг Вашингтонга сафар қилиши режаланаётгани ҳақида аввалдан хабар қилинган эмас. Украина президенти 10 декабрь куни Буэнос-Айресда бўлиб, Аргентинанинг янги президенти Хавьер Милейнинг инаугурация маросимида иштирок этган.
Украина президенти Вашингтонга АҚШ Конгресси кейинги йилда Украинага ёрдам учун маблағ ажратиш-ажратмаслиги номаълум бўлиб тургани манзарасида амалга ошмоқда. Байден маъмурияти Украинага қурол-аслаҳа ишлаб чиқариш ва етказиб бериш дохил мақсадлар учун 60 миллиард доллардан кўпроқ маблағ сўраган. Қонун лойиҳаси ҳалигача Конгресс томонидан кўриб чиқилгани йўқ. Украинага ёрдам беришга принципда қарши эмаслигини билдирган республикачилар бюджет маъқулланишини миграция сиёсати кескинлашгани билан боғламоқдалар. Бу эса, ўз навбатида, демократлар учун маъқул келмаяпти.
Кейинги ҳафтада Украина ва Исроилга ёрдам ажратилиши бўйича маслаҳатлашувлар давом этиши кутилмоқда. Конгресс яқинда Рождество таътилига кетади. Агар таътилгача ёрдам пакети маъқулланмаса, бу истиқболда Украинага қурол-аслаҳа етказиб берилишини хавф остига қўйиши мумкин. Оқ уй ўз тасарруфида Конгресс маъқулловисиз маблағ олиш мумкин бўлган «қайнар хумча» йўқлигини билдирган.