Украина президенти Владимир Зеленский 5 апрель куни БМТ Хавфсизлик кенгаши мажлисида қилган чиқишида жаҳондаги хавфсизлик тизими ислоҳ қилиниши зарурлиги хусусида гапирди. Унга кўра, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тизимини “зудлик билан” қайта ташкил этиш лозим.
“Агар аҳвол шундай давом этса, мамлакатлар ўз хавфсизлигини таъминлаш учун фақат қурол кучигагина таянадиган бўлиб қолишади. БМТни эса ёпиб қўйса ҳам бўлаверади. Хонимлар ва жаноблар, сиз БМТни ёпишга ҳозирмисиз?” деган Зеленский. У дунёдаги хавфсизлик тизимини ислоҳ қилиш ва халқаро ҳуқуқни мустаҳкамлаш йўлларини муҳокама этиш учун Киевда конференция ўтказишни таклиф қилган.
“Вето ҳуқуқи одам ўлдириш ҳуқуқига айланмаслиги учун ислоҳот ўтказиш зарур”, дея урғулаган Украина президенти.
Бешинчи апрель куни БМТ Хавфсизлик кенгаши Украинанинг Буча шаҳридаги қатлиомга бағишланган мажлисини ўтказган. Бучада содир бўлган воқеалардан дунё 3 апрель куни журналистлар ва Украина расмийлари шаҳар кўчаларида ўнлаб одамнинг ўлиги ётганига ҳақида маълумот тарқатганларидан кейин хабар топган. Украина қўшинлари Бучага Россия армияси ҳарбийлари чекинганидан кейин кириб келган. Россия Мудофаа вазирлиги Бучада тинч аҳоли вакиллари ўлдирилганига оид фотосуратлар ва видеоматериалларни “Киев режимининг ғарб оммавий ахборот воситалари учун ҳозирлаган саҳнаси” деб атаган.
“Бучада улар содир этмаган жиноятнинг ўзи йўқ. Дунё Бучада нималар содир бўлганини кўрди, дунё улар Украинанинг бошқа шаҳар ва ҳудудларида нималар қилганини ҳали яна кўради”, деган Зеленский БМТ Хавфсизлик кенгаши мажлисида. У россиялик ҳарбийлар содир этган жиноятлар жазосиз қолмаслиги зарурлигини таъкидлаган.
Зеленский БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзоларига мурожаат қилар экан, “Агар қандай қарор қабул қилишни билмаётган бўлсангиз, олдингизда иккита йўл бор: Россия ўз тажовузи билан боғлиқ қарорларни фалажлаб қўймаслиги учун ё уни уруш манбаси сифатида сафингиздан чиқаринг – шунда биз тинчлик ўрнатилиши учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз. Иккинчи йўл эса – тарқалиб кетинг. Агар гапдан бошқа ҳеч нарсага ярамасангиз, бундан бошқа чора йўқ. Украинага тинчлик керак, Европага тинчлик керак, бутун дунёга тинчлик керак”, дея урғулаган.