Зеленский “ҳарбий қасамёдни бузган” икки генерални унвондан маҳрум қилди

Украина президенти Владимир Зеленский

Украина президенти Владимир Зеленский Украина хавфсизлик хизматининг (УХХ) икки генералини – УХХнинг ички хавфсизлик бош бошқармаси собиқ раҳбари Андрей Наумов ҳамда Херсон вилояти бошқармаси собиқ бошлиғи Сергей Криворучкони унвондан маҳрум этганини маълум қилди.

Президентга кўра, улар “ҳарбий қасамёдни бузганлар”.

Бу ҳақда Зеленскийнинг расмий телеграм-каналида ёйинланган видеомурожаатда айтилган.

“Бугун мен бир қарор қабул қилдим – аксилқаҳрамонларга доир қарор. Ҳозир барча сотқинлар билан шуғулланишга вақтим йўқ. Аммо навбати билан ҳаммалари лойиқ жазони олишади”, деган Зеленский.

У ҳарбий қасамёдни бузган олий офицерлар таркибига мансуб ҳарбий хизматчилар “Украина Қуролли кучлари интизом низомининг 48-моддасига биноан муқаррар равишда олий ҳарбий унвонлардан маҳрум этилиши”ни урғулаган.

Андрей Наумов 2021 йилда хизматдан бўшатилган эди. Оммавий ахборот воситалари у 24 февраль куни, Россия Украинага бостириб киришига бир неча соат қолганида мамлакатдан чиқиб кетгани ҳақида ёзишган. Айни пайтда унинг фаолияти “Давлатга хиёнат” моддаси бўйича тергов қилинмоқда. Наумов импорт товарлар контрабандаси ва божхонадаги коррупция схемаларига доир қатор журналистик суриштирувлар қаҳрамонидир. Унинг номи давлат хизматчисининг расмий даромадларига уйғун бўлмаган шоҳона мол-мулк харидига оид суриштирувда ҳам тилга олинган.

Сергей Криворучконинг муҳтамал қонунбузарлигига оид тафсилотлар мурожаатда очиқланган эмас.