Зеленский ҳарбий сафарбарликка доир қонунни имзолади

Украина президенти Владимир Зеленский, 2024 йил 9 апрели

Украина президенти Владимир Зеленский ҳарбий сафарбарлик тўғрисидаги қонунни имзолади, ҳужжат бир ойдан кейин – 2024 йилнинг 16 майидан кучга киради.

Қонун муддатли ҳарбий хизмат ўрнига тинчлик даврида беш ойлик, уруш бўлаётган даврда эса уч ойлик базавий ҳарбий хизматни жорий қилади. Шунингдек, ҳужжат биланумумий ҳарбий тайёргарлик фани киритилиши кўзда тутилган – мазкур фан 2025 йилдан олий таълим муассасаларидаги таълимнинг бир қисмига айланади.

Янги тартибга мувофиқ, фуқаролар чақирилувчи электрон кабинетини яратишлари лозим бўлади, ҳарбий комиссариатлар эса улар орқали электрон шаклдаги чақирув қоғозларини йўллаш имкониятига эга бўладилар. Хорижий ўлкаларда доимий яшовчи украиналиклар 60 кун давомида Украинада ҳарбий қайдга туришлари керак бўлади.

Ҳарбий хизматга шартли равишда қамалган шахслар ҳам чақирилиши мумкин, бироқ Украина миллий хавфсизлигига қарши жиноят содир этганлар бундан мустасно.

Ҳарбий сафарбарликдан бўйин товлаганларнинг ҳақ-ҳуқуқлари чекланиши мумкин, хусусан, улар ҳайдовчилик гувоҳномаларидан маҳрум этилишлари мумкин. Армияда хизмат қилишдан бўйин товлаганлик учун белгиланган жарима миқдори ҳам оширилади.

Жорий йилнинг 11 апрель куни Украина Олий радаси (парламенти) иккинчи ўқишда ҳарбий сафарбарлик тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллаган. Ҳужжат “Халқ хизматкори” ҳукмрон партияси ва бошқа қатор фракциялар вакиллари дохил 283 нафар депутат томонидан ёқланган. Мухолифатдаги “Европа бирдамлиги” ва “Батькившчина” партиялари эса лойиҳани дастаклаган эмаслар.