Зеленский россиялик 28 нафар чекистга нисбатан санкция жорий этишга оид фармонни имзолади

Украина президенти Володимир Зеленский

Украина президенти Володимир Зеленский Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг Қримдаги инсон ҳуқуқлари бузилишига алоқадорлиги иддао қилинган Россия махсус хизматларининг 28 нафар ходими ҳамда яна олти нафар шахсга нисбатан қарорини кучга киритажак фармонни имзолади. Зеленский томонидан 18 ноябрь куни имзоланган фармон матни Украина президенти сайти орқали ёйинланган.

Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг шу йил августида Қримдаги телеканаллар, ахборот агентликлари ва интернет-нашрлар дохил 12 та юридик шахсга нисбатан санкциялар жорий этганди.

Ўшанда кенгаш санкция рўйхатига киритилган барча жисмоний ва юридик шахслар “Украинага қарши ахборот уруши”га дахлдор экани ҳамда “гибрид тажовуз”нинг фаол иштирокчилари бўлганини билдирган.

Москва 2014 йили Қримда референдум уюштириш орқали яриморолни аннексия қилиб олган, мазкур жараённинг легитимлилиги Киев ва дунёдаги аксарият давлатлар томонидан рад этилган.

Украина шарқида қуролли можаро 2014 йил апрелидан буён давом этиб келмоқда. Ўтган вақт ичида бу ерда 13 мингдан зиёд киши ҳаётдан кўз юмган. Киев Москвани айирмачиларни қурол-аслаҳа билан дастаклаётганликда айблайди. Россия эса бу айбловларнинг барчасини қатъиян рад этиб келади.