Абдулазиз Комилов Кобулга борди. Ўзбекистон ҳукумати бу борада сукут сақламоқда

Толибон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Абдулқаҳҳор Балхий 7 октябрь куни Абдулазиз Комилов Кобулга келгани тўғрисида хабар берди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Кобулда Толибон ҳукуматининг ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амир Хон Муттақий билан учрашди. Бу ҳақда Толибон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Абдулқаҳҳор Балхий 7 октябрь куни ўзининг Twitter саҳифасида хабар берди.

Билдирилишича, Ўзбекистон вазири Толибон билан транзит, энергетика ва савдо-сотиқ масалаларини муҳокама қилган.
Толибон 15 августда Афғонистон ҳукуматини босиб олганидан бери юқори даражали ўзбек расмийси илк бора Кобулга сафар қилмоқда.

Абдулқаҳҳор Балхийнинг ёзишича, Ўзбекистон вазири “кўчаларнинг озодлагини, шаҳар бошқарилаётганини, кўчаларда одамлар юрганини ва хавфсиз муҳитни кўрганидан ўта мамнун бўлгани”ни изҳор қилган.

Айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати Абдулазиз Комилов Кобулга сафар қилгани тўғрисида сукут сақламоқда.

Халқаро ҳамжамият Толибон ҳукуматини тан олишдан бош тортиб келмоқда ва Афғонистонга кўрсатилиши режалаштирилган ёрдамни вақтинча тўхтатган. Бунинг ортидан Афғонистон гуманитар инқирозга юз тутмоқда.