Автотураргоҳлардан фойдаланадиган ҳайдовчилар мулк солиғи тўлайди

Солиқ 0,23 фоизли ставка асосида олинади.

Кўп қаватли уйларнинг 0-қаватида жойлашган автотураргоҳларга автомашинасини қўядиган ҳайдовчилар мол-мулк солиғи тўлайди. Бу ҳақда Молия вазирлиги солиқ солиш тартибига 2021 йил 1 январдан киритилаётган ўзгаришлар тўғрисидаги ахборотномасида маълум қилди.

Автотураргоҳлардан фойдаланаётган жисмоний шахсларга солинадиган солиқ солиқ ставкасининг 0,23 фоиз миқдорида бўлади.

“Мисол учун, автомашина турар жойининг кадастр қиймати 12 миллион сўм миқдорида белгиланган бўлса, ушбу қийматга нисбатан 0,23 фоиз миқдорида солиқ ставкаси қўлланилади. Натижада бир автомашина турар жойи учун жисмоний шахслардан олинадиган йиллик мол-мулк солиғи 27 минг 600 сўмни ташкил этади”,-дейилади расмий ахборотномада.

Вазирликнинг қайд этишича, ҳозирда жисмоний шахсларга тегишли бўлган гаражлар ер солиғи ва мол-мулк солиғига тортилмоқда.

Айни пайтда турар жой ҳовлисида ўзининг автомашинаси учун жойни ободонлаштиришга қарор қилган жисмоний шахсларга ва пулли автотураргоҳдан фойдаланувчи жисмоний шахсларга бу норма тадбиқ этилмайди.