Андижон вилоятига 1993—1996 ва 1997—2004 йилларда ҳоким бўлган Қобилжон Обидовга президент Шавкат Мирзиёев фармони билан “Узбекистон Кахрамони” унвони ва Олтин юлдуз кайтариб берилди, деб ёзди Фейсбук саҳифасида вилоят ҳокимлигининг собиқ матбуот котиби, таниқли журналист Муҳаммаджон Обидов.
Айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати, жумладан, президент матбуот хизмати расмий сайтида бу борада бирорта маълумот берилмади. Мазкур хабарга ҳукумат томонидан расмий муносабат билдирилмади.
1951 йилда Қўрғонтепа туманида туғилган Қобилжон Обидов 1993—1996 ва 1997—2004 йилларда Андижон вилояти ҳокими бўлган. 1996 йилдан 1997 йилгача бош вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.
Қобилжон Обидов 2007 йилда Тошкент шаҳар суди тарафидан 2005 йил 13 майдаги Андижон исëнига алоқадорликда айбланиб, бир йил шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.
Президент Ислом Каримов буйруғи билан 2004 йилда Қобилжон Обидовдан “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони қайтариб олинганди.
У 2018 йилдан буён Андижон вилояти ўрмон хўжалиги бошқармасини бошқариб келмоқда.