Апелляция суди блогер Отабек Сатторийга чиқарилган ҳукмни ўз кучида қолдирди

Отабек Сатторий шу йилнинг 30 январида Термиздаги уйида қўлга олинган эди.

Отабек Сатторийнинг апелляция аризасини кўриб чиққан Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди блогерга нисбатан Сурхондарё вилояти Музработ туман суди 2021 йил 10 май куни чиқарган ҳукмни ўз кучида қолдирди.

Музработ туман суди 40 ёшли Отабек Сатторийни Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми “а”, “г” бандлари (оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб, ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда туҳмат қилиш) ва 165-моддаси 3-қисми “а” банди (жуда кўп миқдордаги товламачилик) да айбдор деб топган ва олти ярим йилга озодликдан маҳрум қилган эди. Отабек Сатторий судда айбловни тан олган эмас.

Апелляция суди 29 июнь куни бошланган эди. Апелляция аризаси юзасидан жараён Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди томонидан Сурхондарё вилояти маркази Термиз шаҳрида ўтказилди.

Human Rights Watch, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ва бошқа халқаро ташкилотлар Сатторийга чиқарилган ҳукмни Ўзбекистонда сўз эркинлигига берилган зарба ва маҳкама хатоси, деб атаган.

YouTube порталидаги “Халқ фикри” видеоблогида танқидий чиқишлари билан танилган Отабек Сатторий шу йилнинг 30 январида Термиздаги уйидан фуқаро кийимидаги ходимлар томонидан олиб кетилганди.