Арманистон Бош вазири муддатидан олдин сайлов ўтказишга тайёр эканини билдирди

Арманистон Бош вазири Никол Пашинян.

1 март кун Арманистон бош вазири Никол Пашинян мухолифат муайян шартларга рози бўлса, навбатдан ташқари парламент сайловларини ўтказишга тайёр эканини айтди.

Арманистонда сиёсий вазият кескин бўлиб қолмоқда. Пойтахт Ереванда Пашинян тарафдорлари ва мухолифат мунтазам равишда оммавий митингларни ўтказмоқда.

Ўтган ҳафтада Арманистон Қуролли кучлари Пашинян ва у бошқараётган ҳукумат истеъфосини талаб қилди. Бош вазирнинг ўзи эса бу талабни давлат тўнтариши уринишига тенглаштирди.

Ереванда ўз тарафдорлари олдида нутқ сўзлаган Пашинян:
«Агар парламентдаги мухолифат муддатидан олдин сайловларга рози бўлса, биз ҳам бунга рози бўламиз», - деди.

Бош вазир, шунингдек, келажакда сиёсий инқироз юзага келиши олдини олиш учун октябрь ойида президент ваколатларини кенгайтириш масаласида референдум ўтказишни таклиф қилди.

Ўтган йилнинг 27 сентябрида бошланиб, 9 ноябрда Озарбайжон ғалабаси билан якунланган Тоғли Қорабоғ уруши ортидан Арманистонда Пашинян истеъфоси талаб қилинган намойишлар тинчимаяпти. Бунга Пашинян Россия воситачилигида Озарбайжон билан сулҳ битимини имзолагани сабаб бўлган.