Арманистон президенти Қуролли кучлар бош штаби раҳбарини ишдан бўшатишга йўл очиб берди

Арманистон президенти Арман Саркисян.

2 март куни Арманистон президенти Қуролли кучлар бош штаби раҳбарини лавозимидан бўшатиш тўғрисидаги буйруқни имзолашдан бош тортди, натижада мамлакатда юзага келган сиёсий инқироз янада мураккаблашди.

Ўтган ҳафтада Арманистон қуролли кучлари Бош вазир Никол Пашинян ва у бошқараётган ҳукумат истеъфосини талаб қилган эди. Пашинян бу талабни давлат тўнтариши уринишига тенглаштириб, Бош штаб бошлиғи Оник Гаспарянни ишдан олиш тўғрисида қарор чиқарди.

Аммо Арманистоннинг асосан рамзий ваколатларга эга президенти Армен Саркисян 2 март куни Гаспарянни ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқни имзолашдан иккинчи марта бош тортди.

Бунга қарамасдан, президент Конституциявий суддан Гаспарянни ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқ конституцияга мос келиш-келмасиги тўғрисида қарор чиқаришни сўрамади. Мутахассисларнинг айтишича, агар 4 мартгача давлат раҳбари Олий судга мурожаат қилмаса, Гаспарянни ишдан бўшатиш қарори автоматик равишда кучга киради.

Ўтган йилнинг 27 сентябрида бошланиб, 9 ноябрда Озарбайжон ғалабаси билан якунланган Тоғли Қорабоғ уруши ортидан Арманистонда Пашинян истеъфоси талаб қилинган намойишлар тинчимаяпти. Бунга Пашинян Россия воситачилигида Озарбайжон билан сулҳ битимини имзолагани туркти бўлди.