Афғонистон разведка бошқармаси бош прокурори ўлдирилди

Афғонистон хавфсизлик кучлари.

6 март куни Афғонистон Миллий хавфсизлик бошқармаси бош прокурори Сайид Маҳмуд Оға бомба ўрнатилган автомашина ёрдамида амалга оширилган ҳужум натижасида нобуд бўлди.

Ҳилманд вилояти вилоят кенгаши раҳбари Аттауллоҳ Афғоннинг сўзларига кўра, Маҳмуд Оғани Лашкаргоҳ шаҳрига олиб кетаётган карвонга портловчи моддалар билан тўлдирилган автомашинани ҳайдовчиси ҳужум қилган.

Ҳужум натижасида Маҳмуд Оғанинг тансоқчиларидан бири ҳам нобуд бўлган. Бундан ташқари, саккиз киши, шу жумладан, икки ўткинчи жароҳат олган. Ҳужум учун жавобгарликни ҳали ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олгани йўқ.

Қатарда Афғонистон ҳукумати ва Толибон вакиллари ўртасида тинчлик музокаралари давом этаётган бўлишига қарамасдан, сўнгги ойларда Афғонистон бўйлаб журналистлар, фуқаролик жамияти фаоллари ва расмийларга қарши суиқасдлар сони тобора кўпайиб бормоқда.

Толибон ушбу ҳужумларнинг аксарига алоқаси йўқлигини иддао қилмоқда. Аммо Афғонистон ва АҚШ расмийлари ҳужумларда жангари гуруҳни айблаб келади.