Афғон ҳарбийлари Тожикистонга қочгани ортидан Мирзиёев ва Раҳмон телефонда суҳбатлашди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 10-11 июнь кунлари Тожикистонга расмий ташриф билан борган эди.

Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари 23 июнь куни бўлиб ўтган телефон мулоқоти чоғида минтақавий хавфсизлик масалалари юзасидан фикр алмашдилар ҳамда Марказий Осиёда барқарорликни таъминлаш ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш мақсадида яқин мулоқот ва саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришни давом эттириш зарурлигини таъкидладилар. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати маълум қилди.

Ўзбекистон ва Тожикистон президентларининг телефон мулоқоти Афғонистон ҳукумати қўшинларининг Қундуз вилоятида “Толибон” ҳаракати жангарилари билан жангга кирган 100 нафардан ортиқ ҳарбий хизматчиси Тожикистон ҳудудига қочиб ўтгани тўғрисидаги хабарлар пайдо бўлган бир вақтда ўтказилди.

Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитасининг билдиришича, тожик чегарачилари “инсонпарварлик ва яхши қўшничилик тамойилларига амал қилган ҳолда, афғон ҳарбийларига Тожикистон ҳудудига тўсиқсиз кириб олишга рухсат беришган”.

Бироқ Ўзбекистон президенти матбуот хизмати тарқатган хабарда бу воқеалар эсланмаган.

Президент матбуот хизмати учрашувда 10-11 июнь кунлари Тожикистонга амалга оширилган олий даражадаги ташриф якунлари бўйича эришилган келишувлар ва имзоланган битимларни амалга ошириш муҳимлиги қайд этилганини таъкидлаш билан чекланган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 10-11 июнь кунлари Тожикистонга расмий ташриф билан борган эди.