Афғонистон Инсон ҳуқуқлари мустақил комиссияси -АИҲМК 28 февраль куни Гор вилоятида Толибон қўмондони аввал ўлдириб кетилган журналистнинг оила аъзоларидан уч нафарини ўлдиргани ҳақида маълум қилди.
Вилоятдаги мустақил радиолардан бирининг муҳаррири бўлган Бисмиллоҳ Одил Аймоқ 1 январь куни толиблар томонидан ўлдириб кетилганди.
25 февраль куни жангарилар Аймоқнинг отаси яшайдиган Фироз Коҳ шаҳри четидаги уйга ҳужум қилган. Ҳужум сабаблари ҳозирча маълум эмас.
АИҲМК оила аъзоларидан уч киши ўлдирилгани, тўрт киши яралангани ва оиланинг яна икки аъзосини ўғирлаб кетгани ҳақида билдирди.
Бироқ Толибон расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид 26 февраль куни гуруҳ Аймоқ оиласига қилинган ҳужумга алоқадор эмаслиги ҳақида баёнот берди.
Афғонистонда сўнгги йилда журналистларга нисбатан ҳужумлар кўпайди. 2020 йилда Афғонистонда жангарилар 11 мухбирни ўлдирди.