АҚШ Афғонистон тинчлик музокараларини жадаллатиш учун БМТ анжуманини ўтказишни таклиф қилди

Афғонистон манзараси.

Америка Қўшма Штатлари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳомийлигида Афғонистон бўйича халқаро анжуман ўтказишни таклиф қилмоқда. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаментининг юқори лавозимли расмийси маълум қилди.

АҚШ таклифини Вашингтоннинг Афғонистондаги махсус вакили Залмай Халилзод 4 март куни Қатарда Толибонга тақдим этиши кутилмоқда.

Халилзод 3 мартга қадар Кобулда Афғонистон тинчлик музокараларини жонлантириш ва мамлакатда авж олаётган зўравонликларни тўхтатиш мақсадида музокара ўтказди.

Хусусан, у президент Ашраф Ғани, Миллий ярашув олий кенгаши раиси Абдулла Абдулла ва бошқалар билан учрашиб, толиблар билан музокараларни тезлаштириш йўлларини муҳокама қилди.

Президент Жо Байден 2020 йилнинг февраль ойида АҚШ ва Толибон имзолаган шартномани қайта кўриб чиқмоқда.

Битимга мувофиқ 1 майга қадар АҚШ ва хорижий давлатлар қўшинлари Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши керак.

Давлат департаментининг юқори лавозимли расмийсига кўра, БМТ анжуманига минтақадаги давлатлар, жумладан, қўшни Эрон ва Покистон вакиллари чақирилади.