Байден 11 сентябргача АҚШ қўшинлари Афғонистондан чиқарилишини билдирди

Афғонистондаги НАТО ҳарбийлари.

Президент Жо Байден жорий йилнинг 11 сентябригача АҚШ ҳарбийлари Афғонистондан тўлиқ олиб чиқиб кетилишини билдирди. 2021 йилнинг 11 сентябрида 2001 йил 11 сентябрда АҚШга қилинган йирик террор ҳужумига 20 йил бўлади.

“Америка олиб бораётган энг узоқ урушга нуқта қўйиш пайти етиб келди. Америка қўшинлари уйларига қайтиши лозим”,-деди 14 апрель куни Оқ уйда қилган чиқишида Байден.

Унга кўра, Афғонистонда қолган 2500 АҚШ ҳарбийсини олиб чиқиш жараёни 1 майдан бошланади.

“Биз қўшинларимизни олиб чиқиб кетишга шошилмаймиз. Бу ишни масъулият ва хавфсизликни ҳис қилган ҳолда иттифоқчиларимиз билан тўлақонли равишда келишган ва мувофиқлаштирилган ҳолда амалга оширамиз”,-деди Байден.

АҚШ президенти Покистон, Ҳиндистон, Хитой, Россия ва Туркияни Афғонистондаги жараёнларда иштирок этишга чақирди.

Байден Афғонистон ҳукуматини ҳарбий соҳадан ташқари барча йўналишларда қўллаб-қувватлашда давом этишини айтди.