Байден: АҚШ Афғонистондаги амалиётларни 31 августгача тугатишни режалаштирмоқда

АҚШ президенти Жо Байден.

АҚШ президенти Жо Байден.

Қўшма Штатлар Афғонистондан хориж фуқаролари ва ҳамкорлик қилган афғонистонликларни 31 августгача тўлиқ эвакуация қилишни режалаштирмоқда.

Бу амалиётни ўз вақтида якунланиши ва АҚШ ҳарбийларининг Афғонистондаги ҳозирлиги муддатининг узайтирилмаслиги Толибоннинг ҳамкорлигига ҳам боғлиқдир. Бу ҳақда 24 август куни президент Жо Байден маълум қилди.

Байден бу масалани 24 август куни G7 лидерлари билан ўтказилган видеосаммит доирасида ҳам муҳокама қилди.

G7га раислик қилаётган Британия Бош вазири Борис Жонсон саммит якунлангач, АҚШ ҳарбийлари Афғонистонда 31 августдан кейин қолмаслигига, эвакуация ишларини шу муддатгача якунлашга ҳаракат қилинишига келишилганини айтди.

Айни пайтда Байден ўз билдирувида Пентагон ва Давлат департаментидан ҳар эҳтимолга қарши қўшимча режаларни ишлаб чиқишни илтимос қилганини билдирди.