Беларусда Лукашенкога қарши намойишлар беш ойдан бери давом этмоқда

Минскда 17 январда намойиш ўтказганлар гуруҳи.

Беларусь пойтахти Минскда ва қатор шаҳарларда 17 январь куни президент Александр Лукашенко истеъфоси талаб қилинган норозилик намойишлари давом этди. Намойишлар марказлашмаган тарзда кичик гуруҳлар иштирокида мавзеларда ва паркларда бўлиб ўтмоқда.

Норозилар Лукашенко истеъфосидан ташқари беш ойдан бери давом этаётган намойишларни куч билан аёвсиз бостиришга алоқадор бўлган шахсларнинг жазоланишини ҳам талаб қилмоқда.

БелаПАН мустақил ахборот агентлигининг билдиришича, 17 январь куни Минск, Брест, Гродно ва Гомел шаҳарларида камида 30та намойиш ўтказилган.

Беларусда 9 августда ўтган президентлик сайловида мамлакатни 1994 йилдан бери бошқариб келаётган Лукашенко ғолиб бўлгани эълон қилингани ортидан норозилик намойишлари бошланиб кетган эди.

Мухолифат сайлов натижалари сохталаштирилишини билдириб, уни тан олишдан бош тортган. АҚШ ва Европа Иттифоқи Лукашенкони президент сифатида тан олмаслигини билдирган.