Беларусь: ҳибсга олинган журналистлар қийноқлардан арз қилишди

Беларуслик икки журналист, шу жумладан Германиянинг “Немис тўлқини” давлат телерадиоширкати жамоатчи мухбири 15 май куни суд қарори билан 15 суткага қамалди. “Немис тўлқини” хабарига кўра, журналистлар дастлабки ҳибс чоғида қийноққа солинган.

“Немис тўлқини”нинг жамоатчи мухбири Александр Бураков ҳамда Могилёвдаги янгиликлар портали ходими Владимир Лаптевич 12 май куни Могилёв шаҳридаги вилоят суди биноси ёнида қўлга олинганди.

Иккала мухбир ҳам мухолиф сиёсатчи Павел Северинцев ва Беларусь мухолифатининг бошқа вакиллари устидан бўлаётган суд жараёнини ёритишаётган эди.

Могилёв суди Бураков ва Лаптевични “рухсат берилмаган тадбир”да иштирок этганликда айбдор, деб топган.

Суд тинглови чоғида Бураков дастлабки ҳибс вақтида уни “қийноққа солишгани ва ғайриинсоний муносабатда бўлишгани”ни маълум қилган.

“Бураков соқчилар уни кечалари бир неча марта уйғотиб, қип-яланғоч бўлиб ечинишга мажбур қилишганини айтди”, дея хабар берди “Немис тўлқини”.

Беларусь Журналистлар ассоциацияси маълумотига кўра, Лаптевич ҳам ҳибсда қийноққа тутилганини айтган. Иккала журналист норозилик белгиси сифатида очлик эълон қилганлар.

“Немис тўлқини” журналистларга нисбатан “тобора шафқатсиз муносабатда бўлаётган” Лукашенко режимидан ёзғириб, расмийларни суд ҳукмини дарҳол бекор қилишга чақирди.

“Биз матбуотнинг Беларусь Конституциясида кафолатланган ҳуқуқлари бузилишига қатъиян қаршимиз”, деган “Немис тўлқини” бош директори Питер Лимбург.

Беларусь Журналистлар ассоциациясига кўра, бугунги кунда мамлакатда мустақил оммавий ахборот воситаларининг 16 нафар ходими ҳибсда сақланмоқда.

Ўтган ҳафтада Беларусь ҳукумати журналист Татьяна Кпитоновани рухсат этилмаган норозилик акциясида иштирок этганликда айблаб, 10 суткага қаматганди.

Жума куни эса Беларусда етакчи мустақил ОАВ бўлмиш TUT.BY портали мухбири Любовь Касперович қўлга олингани маълум бўлди. У талабалар устидан ўтказилаётган суд жараёни ҳақида репортаж тайёрлаётган чоғида ҳибсга олинган.