Бир ой ичида Тошкентда пичоқ олиб юрган 50 киши қамалди

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган пичоқлар.

Жорий йилнинг 5 ноябридан 2 декабригача Тошкент шаҳрида совуқ қурол ёки совуқ қурол сифатида фойдаланиши мумкин бўлган ашёларни олиб юрганларга нисбатан 541 та баённома тузилди.

Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармасиининг 3 декабрда хабар беришича, суд 50 нафар ҳуқуқбузарга нисбатан маъмурий қамоқ жазосини белгилаган, қолган шахслар суд органлари томонидан айбдор деб топилиб, жаримага тортилган.

5 ноябрда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 14, 245, 287-моддалари тўлдирилиб, кодексга янги 185² ва 185³-моддалари қўшилган эди.

Мазкур ўзгартишларга асосан, совуқ қуролни жамоат жойларида ғилофсиз олиб юрганларга 111 минг 500 сўмдан 223 минг сўмгача миқдорда жарима жазоси белгиланди.

Шунингдек, Жиноят кодексининг қурол ёки совуқ қурол сифатида ишлатилиши мумкин бўлган ашёлардан фойдаланган ҳолда қасддан баданга шикаст етказганлик учун жазо чораларини белгилаш тўғрисидаги 104 ва 105-моддаларга ўзгартириш киритилган.

Расмий маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда жорий йилнинг январидан августигача ўтган 8 ой мобайнида ўткир тиғли буюмлардан фойдаланган ҳолда 542 та жиноят содир этилган, шундан 168 таси қотиллик.

Жорий йилнинг февралида Ички ишлар ходимлари ўтказаётган рейдларда пичоқ, ўроқ, болта, чопқи, қайчи, кетмон каби ўткир тиғли асбобларни очиқда сотаётган савдогарлардан бундай буюмлар тортиб олингани ҳақда Озодлик хабар берган эди.