Бош прокуратура: Блогер Отабек Сатторий 7 ҳолат бўйича тергов қилинмоқда

Блогер ёлғон ахборот тарқатганликда айбланмоқда.

Блогер Отабек Сатторийга қарши жиноят иши қонун доирасида қўзғатилган. Мазкур иш юзасидан текширув жараёнида Сурхондарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланмади. Бу ҳақда Бош прокуратура расмий баёнот берди.

“Бугунги кунда тергов органига 7 та ҳолат бўйича О.Сатторийнинг хатти-ҳаракатлари устидан мурожаатлар келиб тушган бўлиб, ҳозирда ушбу ҳолатларга тергов йўли билан ойдинлик киритилмоқда”,-дейилади баёнотда.

Маълум қилинишича, тергов устидан Бош прокуратура томонидан назорат ўрнатилган. Сатторий Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 40 - (Туҳмат), 41 - (Ҳақорат қилиш), 202-2-модда (Ёлғон ахборот тарқатиш) лари билан айбли деб топилиб, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.

“Бунга унинг 2021 йил январь ойида ижтимоий тармоқларда “Денов кўмир омбори” ҳамда Термиз шаҳридаги ҳайвонот боғи ходимлари мулкларни ўзлаштириш ва бошқа ноқонуний ҳаракатлар содир этганликлари ҳақида ҳақорат ва туҳматлардан иборат ёлғон ахборот тарқатганлиги сабаб бўлган”,-дейилади расмий баёнотда.

Аввалроқ Ички ишлар вазирлиги фаолларни Отабек Сатторийга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича текширилмаган маълумотларни тарқатмаслик юзасидан огоҳлантирди.

Бош қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси - CPJ Ўзбекистон ҳукуматини ҳибсга олинган блогер Отабек Сатторийни озод қилишга чақирди.

Ташкилотнинг ишонишича, блогер коррупцияга қарши курашгани ортидан соҳталаштирилган жиноят иши асосида қамоққа олинган.

Мавзуга алоқадор Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Ўзбекистон ҳукуматини блогер Отабек Сатторийни озод қилишга чақирди (ВИДЕО)