Бош прокуратура Деновда профилактика инспектори фуқарони уриб ўлдирганини тасдиқлади

Бош прокуратура 29 июнь куни кечга яқин Сурхондарё вилояти Денов туманида профилактика инспектори ва унинг икки ёрдамчиси фуқарони уриб ўлдирганини тасдиқлади.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Денов тумани Оқтом маҳалласида яшаган Ҳасан Хушматовни ички ишлар ходимлари қийнаб ўлдиргани тўғрисида хабарлар пайдо бўлганди.

Бош прокуратуранинг билдиришича, 10 июль куни Ҳасан Хушматов маст ҳолда ўз уйида жанжал кўтаргани тўғрисида маълумот олган профилактика инспектори икки ёрдамчиси билан воқеа жойига келади. Улар Хушматовни автомашинага ўтказиб, туман ИИБга олиб кетишган.

“Йўлда профилактика инспекторининг ёрдамчилари Ҳ.Хушматовни бир неча бор уриб тан жароҳати етказган. Оқибатда Ҳ.Хушматов 11 июль куни шифохонада вафот этган. Мазкур ҳолат юзасидан Денов туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 104 - ва 206-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши доирасида 2 нафар шахсга нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилган,”-дейилади хабарда.

Бош прокуратура хабарида қўлга олинган 2 шахс ким экани тўғрисида аниқ маълумот берилмади.