Бюджет ўзгартирилди: Йил охиригача давлат органларига 1,1 миллиард доллар қўшимча маблағ ажратилади

Олий Мажлис сенати 2021 йил бюджети тўғрисидаги қонунга ўзгартириш киритди ва биринчи даражали бюджетдан молиялаштириладиган ташкилотларга ажратиладиган маблағ миқдорини 11,69 триллион сўмга ёки 1,1 миллиард долларга кўпайтирди.

Сенат расмий сайтида таъкидланишича, бу маблағнинг 6 триллион сўми инвестиция дастурларига, 1,4 триллион сўми айрим давлат ташкилотлари штат бирликларини кўпайтиришга, яна 1,4 триллион сўми эса мудофаа ҳамда ҳуқуқ-тартибот тузилмаларининг моддий-техник базасини ривожлантиришга йўналтирилади.

Бундан ташқари, 2021 йил бюджети ҳисобидан коронавирусга қарши кураш учун ажратилган 3 триллион сўм тўлиқ ишлатиб бўлингани ортидан бу мақсад учун яна 1,3 триллион сўм ажратилади.

Таъкидланишича, 2021 йил охиригача боғчалар ташкил қилиш учун қўшимча тарзда 1,1 триллион сўм ва “Янги Андижон” шаҳрини қуриш учун қўшимча 1,3 триллион сўм сарфланади.