Германияда автомобилнинг оломон устига юриши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 5 кишига етди

Полиция Трирда оломон устига ҳайдалган машинани олиб кетмоқда.

Германиянинг Трир шаҳрида 1 декабрь куни автомобилнинг оломон устига юриши оқибатида тўққиз ойлик чақалоқ ва яна тўрт киши ҳалок бўлди. Камида 14 киши жароҳатланди. Жароҳатланганлардан айримларининг аҳволи оғир экани билдирилди.

Полиция автомобилни оломон устига ҳайдаган Бернд В,, исмли 51 ёшли немис фуқароси қўлга олинганини маълум қилди. Полициянинг билдиришича, ҳайдовчи маст аҳволда бўлган. Унинг ҳаракатида ҳеч қандай сиёсий мотивлар ёки террорчилик бўлмаган.

Маҳаллий полиция расмий вакили Карл-Петер Йохем маст ҳайдовчи автомобилни оломон устига ҳайдаб, полиция уни тўхтатгунига қадар 1 километр масофани босиб ўтганини айтди. Катта тезликда келаётган машина ўнлаб одамларни босиб ўтган.

2016 йил декабрида ҳам Германия пойтахтида шунга ўхшаш ҳодиса рўй берган. Ўшанда юк машинаси рождество бозорига тўпланган оломон устига юриши натижасида 12 киши ҳалок бўлган, 58 киши тан жароҳати олган. Германия канцлери Ангела Меркель мазкур фожиани “террор хуружи”деб атаганди.

Шу йил февралида эса Германиянинг Фолькмарзен шаҳрида "Мерседес" русумидаги автомобиль ҳайдовчиси машинасини карнавал иштирокчилари устига ҳайдаши оқибатида камида 30 киши жароҳат олган. Ўшанда айрим маҳаллий нашрлар 29 ёшли германиялик ҳайдовчи ҳодиса чоғида маст бўлганини ёзган эдилар.