700дан зиёд ўзбек муҳожири Россиядан Ўзбекистонга жўнатилди

Пандемия сабаб Россиядан қайта олмаётган ўзбек муҳожирларини ватанга олиб келиш учун бир неча бор махсус поездлар ташкил қилинди.

12 декабрь куни Россиянинг Волжский шаҳридан 700дан зиёд ўзбек муҳожири махсус поезд билан Ўзбекистонга жўнатилди.

ТАСС агентлигига кўра, поездга 722та чипта сотилган. Ўзбекистонга қайтиш истагида бўлганларнинг кўплиги сабаб 19 ва 26 декабрга яна иккита қўшимча поезд белгиланган.

Волжсий Темирйўл хизмати маълумотига кўра, ушбу тадбир Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро келишувга асосан амалга оширилган бўлиб, сентябрдан бери жами 31 мингдан зиёд ўзбекистонлик Волжскийдан ватанига жўнатилган.

Айни пайтда 14, 21 ва 28 декабрь кунлари Москва – Тошкент йўналишидаги поездлар қатнови ҳам амалга оширилиши режаланган.

Транспорт вазирлиги қайдича, махсус поездлар қатнови пандемия даврида Россия Федерациясида қолиб кетган ўзбекистонликларни юртига олиб келиш мақсадида Транспорт ва Ташқи Ишлар вазирликлари ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ раҳбариятининг россиялик ҳамкасблари билан олиб борилган музокаралари натижасида йўлга қўйилган.

Вазирлик мазкур поездлар Москванинг Қозон вокзалидан соат 22:28 да йўлга чиқишини, уларга фақат бир томонга, яъни Москва – Тошкент йўналишига чипталар сотилишини билдирган.

Хабарномада йўловчиларга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида чипталарнинг электрон сотуви ҳам йўлга қўйилгани қўшимча қилинган.