Декабрь ойидан компьютер ўйинлари марказларини очишга изн берилди

Жорий йилнинг 1 декабридан Ўзбекистонда компьютер ўйинлари марказлари фаолиятига рухсат берилади.

Республика махсус комиссияси қарорида қайд этилишича, бундай чора “электрон спортни янада ривожлантириш мақсадида” кўрилмоқда.

Қарорга мувофиқ, компьютер ўйинлари марказлари қатор санитария-эпидемиологик қоидаларга қатъий риоя қилиш, хусусан, залларда мижозларни ижтимоий масофани таъминлаган ҳолда жойлаштириш, ходимларнинг тиббий ниқоб ва тиббий қўлқопларда бўлиши, ҳар бир фуқаронинг тана ҳароратини ўлчаб, 37 С ва ундан юқори бўлган, инфекция аломатлари мавжуд ҳолатда ҳамда тиббий ниқобда бўлмаган ҳолларда объектга киритмаслик чораларини кўриш талаб қилинади.

Бундан ташқари, марказ ходимлари зиммасига ҳар бир мижоздан кейин стол ва бошқа жиҳозларнинг юза қисмини дезинфекцион воситалар билан тозалаш вазифаси ҳам юкланган.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш чораси ўлароқ шу йил март ойи ўртасидан кўплаб хизмат кўрсатиш шохобчалари, жумладан компьютер ўйинлари марказларининг ҳам фаолияти вақтинча тўхтатиб қўйилганди.