Депутат Расул Кушербаев “снос”ларга мораторий эълон қилишни таклиф этди

Расул Кушербаев хусусий мулк объектларининг мулк эгаси розилигисиз бузилишини “зулм”, деб атади.

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев хусусий мулк даҳлсизлигини таъминлаш мақсадида “снос”ларга мораторий эълон қилишни таклиф этди.

Депутат ўз телеграм каналида “ “Снос” масаласи яқин йиллардаги энг “бошоғриқ” муаммолардан бири бўлиб қоладиганга ўхшайди. Афсуски, компенсацияни қоплаш учун маблағ бор ёки йўқ эканлигига қарамай “ура-ура”чилик оқибатида қисқа вақт ичида қўплаб хусусий мулкларга зарар етказилди, айримларда хусусий мулк дахлсизлигига бўлган ишонч синди ва синмоқда”,-деб ёзди.

Расул Кушербаев хусусий мулк объектларининг мулк эгаси розилигисиз бузилишини “зулм билан баробар”, деб атади.

Шунингдек,у 18 декабрда Учтепа туманлараро судида “снос” билан боғлиқ яна бир суд иши кўриб чиқилишини айтди.

Мазкур иш доирасида С.Ногай Шайхонтохур туманидаги Навоий кўчасида жойлашган 125 кв.м дўкони бузиб ташланганлиги учун Тошкент шаҳар ҳокимиятидан бир миллиард икки юз миллион сўм зарар ундиришни сўрамоқда.

"Бундай ишларни кўриб чиқиш осонмас. Айниқса, ҳалигача ижро ҳокимияти тизимида ҳар қандай ҳокимиятга таъсир кўрсатиш имкониятлари сақланиб қолаётган бир пайтда, катта миқдордаги маблағни фуқарога ундириб бериш масаласини ҳал этиш судъядан ҳам профессионал билим, малака ва журъат талаб қилади",-деб ёзди Расул Кушербаев.

Депутатга кўра, инвестиция жалб этишда хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш энг муҳим талаб ҳисобланади. Шундан келиб чиққан ҳолда у “снос”ларга мораторий эълон қилишни таклиф этган.

Кушербаевнинг фикрича,”токи мораторий бўлмас экан жойлар алоҳида гуруҳларнинг манфаати учун бузилиши, ерлар асоссиз олиб қўйилишда давом этавериши мумкин”.

Озодлик радиоси Ўзбекистоннинг турли минтақаларида аҳоли уйлари ва тадбиркорлик объектлари ноқонуний бузилгани ортидан келиб чиққан норозиликлар тўғрисида кўплаб мақолаларни эълон қилган.

Мавзуга алоқадор Олий суд чекловига қарамай¸ карантин пайтида ҳам аҳоли уйларини бузиш бўйича судлар давом этмоқда