Европа суди Россияга туркман фуқаросини Ашхабодга топширишни тақиқлади

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Туркманистон фуқароси Аҳмад Жумадурдиевни суд жараёнлари якунига етгунига қадар ватанига экстрадиция қилишни тақиқлади. “Мемориал” ҳуқуқ ҳимояси ташкилотининг билдиришича, Аҳмад Жумадурдиевни туркман ҳукумати экстремистликда айбламоқда.

Туркманистонлик собиқ талаба аввалроқ Эстониядан бошпана сўрамоқчи бўлиб, чегарани ноқонуний бузиб ўтаётганида ушланган эди. У айни пайтда Санкт-Петербург яқинидаги Красное селода жойлашган депортация марказида сақланмоқда.

26 ёшли Жумадурдиев Ивангород гуманитар-техника институти талабаси бўлган. У 2017 йилда Пулково аэропортининг паспорт назорати ҳудудида қўлга олинган.

Ўшанда туркман ҳукумати уни экстремизмда айблаб халқаро қидирувга берган эди. Орадан бир йил ўтиб прокуратура Жумадурдиевни қамоқдан озод қилди. Туркманистонда эса унинг акаси экстремизмда айбланиб 25 йилга қамалди.

Жумадурдиев билан биргаликда Россияда таълим олаётган яна 11 туркман талаба Ашхабод томонидан экстремизмда айбланиб қидирувга берилган. Улардан икки нафари ёзги таътилда уйларига борганида қўлга олиниб, 15 йилданга қамалган.

2021 йил ёзида Жумадурдиев чегарадаги дарёни сузиб ўтиб, Эстонияга қочиб ўтмоқчи бўлганида қўлга олинган.