Жаҳон банки Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларини ривожлантиришга 100 миллион доллар қарз беради

Жаҳон банки Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидаги шаҳарларни ривожлантириш лойиҳасига 100 миллион доллар қарз беради. Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси тарқатган билдирувда айтилишича, “Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш” лойиҳаси доирасида муниципал хизматлар ва инфратузилмани яхшилаш назарда тутилган.

Юз миллион доллар миқдоридаги кредит Ўзбекистонга Жаҳон банки гуруҳига аъзо бўлган Халқаро тараққиёт ассоциацияси томонидан 30 йилга имтиёзли тарзда берилмоқда.

Билдирилишича, 2019 йилда Жаҳон банки мазкур лойихани Когон, Чортоқ, Янгийўл ва Пскент туманларида амалга оширишга киришган эди.

Лойиҳа Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг қайси туманларида амалга оширилиши ҳозирча аниқ эмас. Лойиҳа иштирокчисига айланадиган туманлар рўйхати вилоят ва шаҳарлар ҳокимиятлари билан маслаҳатлашувлар якунланганидан сўнг 6 ой ичида тасдиқланади.

Лойиҳа доирасида, жумладан, сув таъминоти, электр инфратузилмаси, автомобил йўлларини модернизациялаш ва маданий мерос объектларини сақлаб қолиш бўйича реставрация ишларини олиб бориш кутилмоқда.