Жиззахда Суриядаги террорчиларга қўшилмоқчи бўлганлар қўлга олингани иддао қилинди

Иллюстратив сурат.

Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида Сурия Араб Республикасида террорчилик ҳаракатларини амалга ошираётган “Тавҳид ва жиҳод катибаси” таркибига қўшилишни режалаштираётган гуруҳ қўлга олингани ҳақида вилоят Ички ишлар бошқармаси 15 июнда маълум қилди.

Расман билдирилишича, гуруҳ 12 июнь куни ўтказилган тезкор тадбир давомида “ашёвий далиллар билан қўлга олинди”. Аммо хабарда гуруҳ неча кишидан иборат экани, ашёвий далиллар нималардан иборат экани ҳеч нарса айтилмаган.

“Мазкур фуқаролар хорижда бўлиши давомида Интернет тармоғи орқали террорчилик тузилмалари ёлловчиларининг таъсирига тушиб, яшаш манзилларига қайтиб келгандан сўнг ушбу террорчилик ташкилотининг бузғунчи ғояларини аҳоли орасида фаол тарғиб қилиб келганлиги аниқланган”,-дейилади хабарда.

Ўтган йили Тошкентда камида 21 киши “Тавҳид ва жиҳод катибаси”га, Тошкент вилоятида 25 киши “Жиҳодчилар” гуруҳига, Сурхондарё вилояти Бойсун туманида ҳам бир неча киши “Жиҳодчилар” гуруҳига алоқадорликда гумонланиб қўлга олингани хабар қилинганди.