Жорий йилнинг беш ойида автоаварияларда 800га яқин одам ҳалок бўлди

Иллюстратив сурат.

Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси – ЙҲХББнинг маълум қилишича, 2021 йилнинг январидан майигача бўлган беш ойлик даврда Ўзбекистонда 2960 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилди.

Мазкур ҳодисалар оқибатида 770 киши ҳалок бўлди, 2365 киши эса турли тан жароҳатларини олди.

Автоҳалокатлар кўрсаткичи бўйича биринчи ўринни Фарғона вилояти эгалламоқда. Бу вилоятда бир ойда 458 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Иккинчи ўринда 410 та автоҳалокат юз берган Тошкент вилояти, учинчи ўринда 373 та авария қайд этилган Тошкент шаҳри бормоқда.

Таъкидланишича, автоҳалокатларнинг 630таси 28-32 ёш атрофидаги ҳайдовчилар томонидан содир этилган. 18−22 ёшдаги ҳайдовчилар эса 331 та авария сабабчиси бўлган.

Расман билдирилишича, Ўзбекистонда 2020 йилда 6982 та автоҳалокат бўлган ва уларда 1962 киши ўлган, 6591 киши жароҳатланган.