Журналистларнинг ҳуқуқ ва бурчлари муҳокама қилинадиган махсус сайт очилади

Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналистлар медиа-маконда ўз ҳақ-ҳуқуқлари, баҳсли ҳодисалар бўйича фикрлари билан бўлишиб, шу фикрлар юзасидан малакали юристлар, адвокатлар хулосасини олиб боришлари учун янги платформа яратилади — махсус веб-сайт очилади. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги биносида 10 ноябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида агентлик директори Асаджон Хўжаев билдирган.

Мулозимга кўра, мазкур сайтда малакали ҳуқуқшуносларнинг, хусусан айнан медиа йўналишидаги юристларнинг шарҳлари, видеолавҳалари, саволларга ёзган жавоблари, изоҳлари жойлаштириб борилади.

Биринчидан, бу ресурсдан 24 соат фойдаланиш имкон бўлади. Иккинчидан, муайян масала ёки баҳсли вазият бўйича юрист томонидан берилган хулоса доим ўша саҳифада туради, уни кўчириб олиб, кўриб, турли вазиятларда қўллаш, фойдаланиш мумкин бўлади”, деган А. Хўжаев.

АОКА директори платформанинг ишга туширилиши оммавий ахборот воситалари вакилларининг ҳуқуқий онгини оширишга ёрдам бериши, билимини кучайтириши, шунингдек, давлат бошқаруви органидаги ОАВ билан ишловчи ходимлар, ахборот хизматлари, матбуот котибларининг самарали малакага эга бўлишига, билмаган масалалар бўйича жавоб олишларига хизмат қилишини қўшимча қилган.