Электр таъминотидаги узилишлар ортидан фермерлар ўн минглаб доллар зарар кўрмоқда

Энергетика вазирлиги электр қувватига талабнинг ошгани таъминотдаги узилишларнинг асосий сабаби эканини билдирган.

Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида электр таъминотида уч кун узилиш бўлгани ортидан тадбиркорнинг 6000 товуғи ўлди. Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида эса фермер бир кунда 35 минг доллар зарар кўрди. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда блогерлар маълум қилди.

Яккабоғлик блогер Камил Фахрутдиновниниг билдиришича, туманда 18 ноябрдан 20 ноябргача чироқ бўлмаган. Бунинг оқибатида тадбиркор Абдунаби Ғиёсовнинг 5200та товуғи ўлиб қолган.

Тадбиркор “Дарё” нашрига 22 ноябрга келиб, ўлган товуқлари сони 6 мингтага етганини айтди.

Блогер Ҳусан Комилжонов тадбиркор вазирликка мурожаат қилганидан сўнг унга электр токи берилганини ва туманда электр энергияга киритилган чеклов камайганини билдирган.

«Troll.uz» Telegram-каналининг хабар беришича, Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида чироқ ўчиши ортидан иссиқхоналардан биридаги сабзавотлар нобуд бўлди. Фермер кўрган зарарнинг тахминий миқдори 35 минг долларни ташкил қилмоқда.

Бундан ташқари, Тошкент вилояти Тошкент туманидаги туғруқхонада ҳам электр таъминотида узилишлар бўлгани ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан танқид қилинган.

Энергетика вазирлиги ҳавонинг совиб кетиши натижасида электр қувватига талабнинг ошганини ва айни мана шу ҳолат энергияси таъминотидаги узилишларнинг асосий сабаби эканини билдирган.