Ички ишлар вазирлиги товламачилар УЗКАРДнинг сохта сайтини ишлаб чиққанини билдирди

Иллюстратив сурат.

Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази интернет-фирибгарлар «Ягона Умумреспублика Процессинг Маркази» (УЗКАРД)нинг сохта веб-сайтини ишлаб чиққанларини аниқлади.

Билдирилишича, интернет-фирибгарлар https://uz-investt.space ҳаволали сохта сайт орқали фуқароларнинг пластик карталаридаги пулларни ўғирлашни режалаштирган.

Мазкур «фейк» веб-сайт орқали “UzCard Investment” лойиҳаси доирасида миллий банк хизматларининг фаол фойдаланувчиларига бир марталик 994 минг 558 сўм миқдорида компенсация тўланиши тўғрисида хабар юборилган. Фойдаланувчилардан бу пулни олиш учун шахсига ва банк пластик картасига оид маълумотлари, телефон рақамини ҳамда смс тариқасида келган тасдиқлаш кодини киритиш талаб қилинган.

Катта пулга эга бўлиш истагида бўлган фойдаланувчи тасдиқлаш кодини «фейк» ресурсга киритиши билан интернет-фирибгарлар унинг пластик картасини бошқариш ҳуқуқини қўлга киритади ва банк ҳисоб рақамидаги пулни ечиб олишга муваффақ бўлади.

“Шу сабабли, барча интернет фойдаланувчиларини, айниқса УЗКАРД тўлов тизими мижозларини мазкур «фейк» веб-сайтнинг ноқонуний фаолияти тўғрисида огоҳ бўлишларини, тўлов тизимларидан фойдаланаётганларида эса, уларнинг расмий веб-сайтларида тақдим этилган хизматларга мурожаат этишларини сўраб қоламиз”,-дейилади расмий билдирувда.