Ички ишлар ходими формасида рақс тушган шахс 8 суткага қамалди

Бу ҳаракат “жамоат жойида юриш-туриш ва одоб - ахлоқ қоидасини бузиш” сифатида талқин қилинган.

Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида “лайк йиғиш” мақсадида ички ишлар ходими формасида рақс тушган 26 ёшли йигит ва уни видеога олган ўсмир қўлга олингани ҳақида Zamon.uz хабар берди.

Хабарда айтилишича, ички ишлар формасини кийиб рақс тушган Ҳасан Дўстов Мирзаобод тумани “Боғистон” маҳалласидаги автомобил ювиш шохобчасида ишлаган. Унинг таниши- вояга етмаган Диёрбек эса уни видеога олиб, ижтимоий тармоқларга тарқатиб юборган.

Икки ёшнинг бу ҳаракати ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан “ички ишлар ходимларининг хизмат кийимини кийиб, жамоат жойида юриш-туриш ва одоб - ахлоқ қоидасини бузиш” сифатида талқин қилинган.

Ҳасан Дўстов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддаси (майда безорилик) ҳамда 209-1-моддаси (хизмат кийимини рухсатсиз белгиланмаган тартибда кийиш) асосида айбдор деб топилган. Мирзаобод тумани суди Ҳасан Дўстовни 8 сутка маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилган.

“Уни видеога олган вояга етмаган Диёрбекнинг иши Мирзаобод тумани ҳокимлиги ҳузуридаги вояга етмаганлар билан ишлаш комиссиясида кўриб чиқилади”,- дейилади хабарда.

Судда Диёрбек “лайк йиғиш мақсадида” видеони тасвирга олганини ва эндиликда “қилган ишидан пушаймон экани”ни айтган.