Ички саёҳатлар ва оммавий тадбирлар вақтинча тўхтатилди

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 17 мартдаги коронавируснинг мамлакатга кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси қарорига кўра, сайёҳлик компаниялари, жамоат ташкилотлари ва йирик саноат корхоналарига мамлакатда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият барқарор ҳолатга келгунга қадар ички туризмни ривожлантиришга доир тадбирларни тўхтатилди.

Бу ҳақда Давлат туризм қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.

Шу билан бирга, республика ҳудудида ўтказилиши режалаштирилган барча турдаги оммавий байрам тадбирлари, халқаро тадбирлар ва спорт мусобақалари, театр, кино ва концерт дастурлари вақтинча тўхтатилади.

Махсус комиссия қарорига асосан, Транспорт вазирлиги карантин муддати даврига тўғри келувчи туризм мақсадида харид қилинган ҳаво ва темир йўл чипталарини, шу жумладан ички қатновлар учун чипталарни харидорлар томонидан қайтарилган тақдирда, жаримасиз қабул қилиш, чипта нархини харидорга тўлиқ қайтариш ёки бошқа муддатга кўчириш чораларини кўради.

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ташқи ишлар вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда айни дамда Ўзбекистонда бўлиб турган хорижий фуқароларни, шу жумладан туристларни ўз мамлакатларига қайтиши масалаларида уларга ахборот кўмагини берувчи махсус штаб ташкил этилди.