24 йил олдин бекор қилинган Тошкент халқаро кинофестивали қайта тикланди

Ўзбекистонда 28 сентябрдан 3 октябргача XIII Тошкент халқаро кинофестивали “Ипак йўли дурдонаси” деган ном остида ўтказилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Кинематография агентлиги 21 сентябрда хабар берди.

Бу йилги кинофестивал “Тинчлик, маърифат ва тараққиёт учун” шиори остида ва “Фестиваллар фестивали” форматида ўтказилади.

Кинофестиваль доирасида 13 та давлатнинг кино кунлари ўтказиш режалаштирилган. Фильмлар Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги кинотеатрларда намойиш этилади. Хориж давлатлари ҳозирга қадар намойишлар учун 150 та фильмни тақдим этди. Бундан ташфари фестивалда чет мамлакатлардан келган 150 нафар машҳур киночилар иштирок этади.

1968 йилда ташкил этилиб 1997 йилгача ўтказилиб келинган Тошкент халқаро кинофестивали президент Шавкат Мирзиёевнинг “Тошкент халқаро кинофестивалини қайта тиклаш ва ўтказиш тўғрисида”ги қарорга асосан қайта тикланмоқда.

1997 йилгача Осиё, Африка ва Лотин Америкаси халқаро кинофестивали деб номланган Тошкент кинофестивали номи эндиликда “Ипак йўли дурдонаси”, деб ўзгартирилади.

Мазкур кинофестивал Кинематография агентлиги томонидан 2021 йилдан бошлаб ҳар йили 28-сентябрь – 3-октябрь кунлари ўтказилади.