Кейинги йилдан давлат хизматчиларининг ҳуқуқий саводхонлик даражаси текширилиши мумкин

Ўзбекистонда 2021 йил 1 январидан бошлаб давлат бошқаруви ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва унинг даражасини махсус тест тизимидан фойдаланган ҳолда баҳолаб бориш йўлга қўйилиши мумкин. Бу чора Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида муҳокамага қўйилган ҳукумат қарори лойиҳасида кўзда тутилган.

“Давлат хизматчиларининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги мазкур қарор лойиҳаси Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган.

Қарорга мувофиқ, давлат хизматчиларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини баҳолаш Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан Давлат хизматининг ягона электрон-ахборот таҳлил тизимидаги “Давлат хизматчиларини синовдан ўтказиш модули” – махсус тест тизимидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

Давлат хизматчиларини ҳар уч йилда бир марта тестдан ўтказиш таклиф қилинган.

Синов чоғида давлат хизматчиси томонидан 40 та тест саволига жавоб берилади, ҳар бир тўғри жавоб 2,5 баллдан баҳоланади.

Қайд этилишича, баҳолаш натижалари қуйидагича таснифланади:

  • аъло – 86 балл ва ундан юқори;
  • яхши – 71 баллдан 85 баллгача;
  • қониқарли – 56 баллдан 70 баллгача;
  • қониқарсиз – 0 баллдан 55 баллгача.

Давлат хизматчиси қониқарсиз натижани қайд этган тақдирда баҳолашдан ўтмаган ҳисобланади.

Қарор лойиҳаси муҳокамаси шу йил 10 декабригача муҳокамада бўлади.