Кейинги йилдан раҳбар ва ходимларнинг семизлик даражасини онлайн кузатиш тизими йўлга қўйилади

2021 йилнинг 1 июлидан вазирлик, идора, корхона, ташкилот, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида фаолият олиб бораётган раҳбар ва ходимларнинг антропометрик кўрсаткичларини (семизлик даражасини, вазн индексини), бошқа ўткир касалликларни кескин камайтириш, саломатликни мустаҳкамлаш бўйича баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиб, рейтинг асосида таҳлил қилиш ҳамда натижаларни онлайн кузатиб бориш тизими йўлга қўйилади. Бу ҳақда 19 ноябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги мутасаддилари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Матбуот анжумани спикерлари 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб умумий ўқув соатлари доирасида жисмоний тарбия фанини барча синфларда ҳафтада 2 соатдан ўқитиш ташкил этилиши, давлат органлари ва ташкилотларининг иш куни давомида ишлаб чиқариш гимнастикаси машқлари бажариши учун иш вақтига киритиладиган махсус танаффуслар белгиланишини билдиришган.

Тадбир чоғида кейинги йил 1 сентябрига қадар мамлакат ҳудудларида экспедиция ташкил қилинган ҳолда миллий спорт турлари ҳамда халқ ўйинлари тарихини ўрганиш асосида “Ўзбекистон Республикаси миллий спорт турлари ва халқ ўйинлари энциклопедияси” ҳозирланиб, чоп қилиниши ҳам қайд этилган.

Мутасаддилар жорий йил якунига қадар спорт-таълим муассасалари ҳамда спорт турлари бўйича федерациялар (уюшмалар) учун босма нашрларни чоп этиш мақсадида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида “Жисмоний тарбия ва спорт” нашриёти ва босмахона фаолияти йўлга қўйилишини ҳам қўшимча қилишган.

Матбуот анжуманида Ўзбекистон президентининг шу йил 3 ноябрида имзоланган “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони доирасида келажакда амалга оширилажак бошқа чора-тадбирлар хусусида ҳам сўз юритилган.