Коронавирусдан ўлганлар сони камида 573 кишига етди

Беморлардан 260 нафари оғир, 69 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги сўнгги бир сутка ичида мамлакатда коронавирусга чалинган 3 нафар бемор вафот этганини маълум қилди. Бу билан Ўзбекистонда коронавирусдан ўлганлар сони расман 573 нафарга етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 22 сентябрдан бери вафот этганларнинг қайси ҳудуддан экани, қаерда даволангани, уларнинг ёши тўғрисидаги маълумотларни бермай келмоқда.

Шунингдек, коронавирус ҳолати бўйича кундалик жадвалдан вафот этганлар сони ва уларнинг вилоятлар кесимидаги кўрсаткичи тўғрисидаги маълумотлар ҳам олиб ташланди.

Вазирлик 21 сентябрь куни эълон қилган жадвалда вафот этганлар сони 438 киши деб қайд этилган эди. Улардан 305 нафари Тошкент шаҳрида, 67 нафари Тошкент вилоятида даволанган беморлардир.

Вазирликнинг билдиришича, 2 ноябрь куни 239 кишида касаллик аниқланди ва 205 киши тузалди.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 67 395 нафар бемордан 64 671 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 96 фоизни ташкил этмоқда.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2 151 нафар бемордан 260 нафари оғир, 69 нафари эса ўта оғир аҳволда.